02/08/2025
#Ҳикоя
Қадим замонда Абдусалом исмли ҳалол инсон ўтган экан. Унинг
яккаю ягона фарзанди бўлиб, дилбандини жуда яхши кўрар, еру
кўкка ишонмас экан. Кунлар, йиллар ўтиб, бола паҳлавон йигит бўлибди.
Кунларнинг бирида у отасига маслаҳат солибди:
– Эй ота, энди мен нима касб қилай?
Отаси:
– Ўғлим, „Бўйнидан боғланган ит овга ярамас“, деган гап бор.
Энди сен бир ҳунар ёки касбни танла ва шунга меҳр қўй, – дебди.
Шунда ўғли:
– Энг яхши касб ўғрилик бўлса керак, – деган экан, отаси:
– Майли, ўғлим, ўғрилик бўлса, ўғриликда. Қўшнимизнинг қўйини
ўғирлаб кўрчи, – дебди.
Ўғли қўшни хонадондаги битта катта қўчқорни ўғирлаб олиб
келибди. Отаси хурсанд бўлибди ва:
– Ўғлим, зўр иш қилдинг, бир ҳафта уйдан чиқмай шу қўйни маза
қилиб еймиз, – дебди.
Хуллас, бир ҳафта астойдил маишат қилишибди. Қўйни пишириб еб
бўлишгач, ўзларини тарозида тортишибди. Ўғил бир ҳафтада уч килога
озибди, ота эса тўрт килога семирибди. Ўғил ҳайрон бўлган экан, отаси
кулиб дебди:
– Эй нодон ўғил! Билиб қўй, сен ўғирлаган қўйнинг пулини мен
бир кун олдин қўшнига бериб қўйганман. Шундан мен семирдим.
Кўрдингми, ҳаром луқмада ҳаловат йўқ, еганинг ўзингга юқмайди,
шунинг учун ҳалол касб танла. Шунда у дунёйинг ҳам, бу дунёйинг
ҳам обод бўлади.