Payariq Hayoti

Payariq Hayoti XALQ DEPUTATLARI PAYARIQ TUMAN KENGASHI VA TUMAN HOKIMLIGI GAZETASI

17/02/2025

КЕЛАЖАК АВЛОД БАХТИ УЧУН ЯШАЯПМИЗ
Ҳар бир одам жисмоний ва тафаккур, психологик жиҳатдан ўзгача бўлиб дунёга келади, болалик даврини бошдан ўтказади. Бу давр онгли ёки онгсиз ўтгани оилавий муҳитга боғлиқ бўлади.
Болалик биз учун мўъжизали давр. Биз болаларимизнинг яхши ўқиб, катта одам бўлишини хоҳлаймиз. Катта одам деганда, пулдор, мустақил рўзғорли, ҳамма нарса ҳақида ўз эркин фикрига эга, аёли ёки турмуш ўртоғи билан тинч, сокин ҳаётда яшаб, ўз аравасини ўзи тортиб кетадиган кишилар бўлиб етишишини кўзлаймиз.
Умуман, болаларни мустақил ҳамда анъаналарга кўра ота-онасига эргашадиган, мўмин-қобил одам қилиб етиштириш оддий гаплар билан бўладиган иш эмас. Чунки ҳаётда ҳамма одам ўз айтганига ишонади, болаларнинг фикрини бузувчи омиллар ҳам кўп атрофда..
Мен уч ё тўрт яшар пайтларимда, у пайтлар яшаётган уйимизда, яни хонамизда, ўзимдан катта опаларимнинг ортидан чопиб, эшикка қўлимни қистириб олиб, бир бармоғимнинг тирноғини тушириб олганман. Бу воқеа мени болалик йилларимда катта аҳамиятга эга бўлган. Чунки мени бир бармоғимнинг тирноғи йўқ, шунга кўра жисм нуқтаи назаридан бошқа одамлардан бошқачадай эдим.
Кейинги йилларда бошқалардан фарқ қилмаслик ва қонун талаб қилгандай мактабга юборишган, у ердаги синфларда ҳарфларни, ёзишни, қўшиб ўқишни ўргандим, муаллимларга эргашдим, китобларни ўргандим, аттестат олаётганим маҳалида олий ўқув юртига бор, дейишди, ҳужжатлар тўғриладим, бориб ҳужжат топширдим ва кирдим. Бу кун унутилмас кун бўлди. Гўзал йилларни ортда қолдирган университетни ҳам битирдим. Лекин барибир бармоғимга қарасам, бошқалардан фарқим эсимга тушиб кетаверарди. Тирноқ мен учун аҳамиятлидай эди. Йиллар ўтди, бу психологик кайфият ўзгармади. Чунки мен ҳам бошқалар қатори йиллар ўтган сайин ўзгариб борадиган анатомик, физиологик, психологик хусусиятларга эга одам эдим. Танам ва психологиям ўзгариши мумкин, йиллар ўтган сайин бу вақт мени ўзгартираётган, энди мен ҳам ўғил-қизли, набирали эдим, турмуш қуриб кетган болаларимнинг ҳаётигада масъул эдим, аммо жисмоний ҳаётим ўзимга хос эди.
Ҳозирги кунда мактабларга бораётган ёш авлодни эслаганимда, уларнинг ҳаётларида менинг бармоғимда нуқсон қолгандай психологияларида нуқсонлар пайдо бўлмаётганмикан, деб ўйланаман. Чунки шундай синфдошларим бор эдики, мактабни тугатганимиздан кейин ҳам муаллимлардан еган даккилари туфайли армонларини унутишмас, бирга ўтирсак, даврага тўкиб солишарди. Баъзилари мактабда яхши ўқий олмаганлари туфайли армон қилишарди.
Тўғри, ҳар кимнинг ўзига хос томонлари бўлади. Ҳар бир одам бу дунёда ноёбдир, у каби одам бу дунёга бошқа келмайди. Ҳар бир киши индивидуалдир. Лекин мактаблардаги муаллимларга айтмоқчи бўлганим, сиз тарбиялаётган ўқувчилар бир куни мактабни армон билан битириб чиқмасин. Чунки мактабда уларни сиз тарбиялаяпсиз, сиз таълим бераяпсиз.
Таълим сўзидан эса таълимот сўзи келиб чиқади. Бу инсоният тарихида жуда муҳим сўз. Таълимот мавзулари катта-катта романларга арзигулик мавзудир. Таълимот, қўпол қилиб айтганда, одамларнинг тақдири билан боғлиқ тушунчадир.
Бу масалада сизнинг фикрингиз қандай? Мен шуни билишни жудаям хоҳлардим. Яни келажак авлод тақдири масаласида. Ахир биз келажак авлод бахти учун туғилганмиз. Тўғри эмасми?
Азамат Тавбоев.

20/12/2024

АРЧА ЎЙИНЧОҚЛАРИ
(ҳикоя)
Биз бундан 46 йил аввал Пайариқ туманидаги собиқ 43-мактабнинг биринчи синфига ўқишга борганмиз. Синфда яхши ўқиганим туфайли мени синфком қилиб сайлашган, лекин мен бу бошоғриқ ишга унча хуш кўриб ёндошмаганман. ”Болалар чувламасин!”, “Ким тўполон қилди, синфком нега жим қилмадинг?”, “Кеча ким келмовди, синфком нега ёзиб олмадинг?” ва бошқа гаплар. Ўқувчи ўзи тенги ўқувчининг айтганини қиладими ҳеч замонда? Қуруқ расмиятчилик бўлган. Биринчи ўқитувчимиз, ҳамқишлоғимиз Барот ака Холмуродов жуда камтар, ширинсўз, болаларга умуман қаттиқ гапирмайдиган киши эди. Ҳозир ҳам у киши ҳаёт, умрлари узун бўлсин. Биринчи синфда ҳар бир ҳарфни ўрганиш, ёзиш, эсда сақлаб қолиш, баҳоролди тугайдиган “Алибе”дан “Ўқиш”га ўтиш осон эмас. Бунинг учун ўқитувчидан билим ва малака талаб этилади. Тўғрисини айтсам, ўн-ўн беш қаторлик матнни ўқий олмайдиган, ҳарфни ҳарфга қўшиб ўқий олмайдиган синфдошлар бўлади.
Давоми https://telegra.ph/ARCHA-%D0%8EJINCHO%D2%9ALARI-12-19 саҳифамизда

"Payariq Hayoti" gazetasi Биз бундан 46 йил аввал Пайариқ туманидаги собиқ 43-мактабнинг биринчи синфига ўқишга борганмиз. Синфда яхши ўқиганим туфайли мени синфком қилиб сайла...

11/12/2024

РАҚАМЛИ ДАЛИЛЛАР ҚАНДАЙ ТАРТИБДА ТАҚДИМ ЭТИЛАДИ
Президент томонидан 21.11.2024 йилда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-1003-сон Қонун имзоланди.
Ҳужжат билан Жиноят-процессуал кодексига, Фуқаролик-процессуал кодексига, Иқтисодий процессуал кодексга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга рақамли далиллар тушунчасини, рақамли далилларни тўплаш, тақдим этиш, мустаҳкамлаш, кўздан кечириш, текшириш ва баҳолаш, уларни сақлаш, қайтариш ҳамда йўқ қилиш тартибини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, жиноят иши доирасида гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва бошқа шахслар электрон маълумотларни ушбу маълумотларнинг кўчирма нусхасини электрон жисмдан электрон маълумотлар мавжуд бўлган бошқа электрон жисмга олиш орқали тақдим этишга ҳакли.
Терговга қадар текширувни амалга ошираётган органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд тақдим этилган электрон маълумотларни мутахассис иштирокида қабул қилиб олади ҳамда электрон маълумотлар мавжуд бўлган бирламчи электрон жисмларни кўздан кечиради.
Иш учун аҳамиятга эга бўлмаган электрон маълумотлар мавжуд бўлган электрон жисмлар эгаларига дарҳол қайтариб берилади.
Иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган электрон маълумотлар, шу жумладан электрон тарздаги файллар, аудио-, видеоёзувлар, Интернет тармоғида сақланаётган маълумотлар, шунингдек бошқа электрон маълумотлар рақамли далиллардир.
Рақамли далилдан кўчирма нусха олишга, башарти унинг яхлитлиги ва айнан ўхшашлиги сақланса, йўл қўйилади.
Рақамли далилдан кўчирма нусха олишга йўл қўйилиши ўзидан мазкур кўчирма нусха олинган рақамли далилнинг асли мавжудлиги билан таъминланади.
Гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи. судланувчи ва бошқа шахслар рақамли далилларнинг кўчирма нусхаларини қоғозда чоп этилган шаклда тақдим этиш ҳуқуқига эга. Бунда рақамли далилнинг қоғоздаги шакли ёзма далил деб ҳисобланиши мумкин эмас.
Терговга қадар текширув, суриштирув, тергов ва суд жараёнида тузилган процессуал баённомаларга илова қилинган, электрон маълумотлар тарзида шакллантирилган аудио, видеоёзувлар ҳам рақамли далиллар ҳисобланади.

Жиноят ишлари бўйича Пайариқ туман судининг раиси Э.Олмосов.

11/12/2024

DAVLAT PENSIYALARINING TURLARI
O‘zbekiston Respublikasining “Fuqarolarning davlat pensiya ta’minoti to‘g‘risida”gi qonuniga binoan davlat pensiyalarining quyidagi turlari belgilangan:
• yoshga doir pensiya;
• nogironlik pensiyasi;
• boquvchisini yo‘qotganlik pensiyasi.
Fuqarolar pensiya olish huquqi paydo bo‘lganidan so‘ng istalgan paytda pensiya tayinlashni so‘rab o‘z tanloviga ko‘ra quyidagi usullardan birini qo‘llagan holda murojaat qilish huquqiga ega.
Bular:
• doimiy yashash yoki vaqtincha turgan joyi bo‘yicha O‘zbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi budjetdan tashqari Pensiya jamg‘armasining tuman (shahar) bo‘limiga ariza bilan;
• yashash joyidan qat’i nazar, O‘zbekiston Respublikasi Adliya vazirligi davlat xizmatlari markazida so‘rovnoma to‘ldirgan holda;
• O‘zbekiston Respublikasining Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali so‘rovnoma to‘ldirgan holda foydalanishingiz mumkin.
Pensiya tayinlashni so‘rab murojaat etilganda shaxsning pensiyaga bo‘lgan huquqi Qonunda belgilangan shartlarga va normalarga muvofiq axborot tizimlaridan olingan ma’lumotlarga asosan aniqlanadi.
Davlat pensiyalarining turli xillarini olish huquqiga ega bo‘lgan fuqarolarga ularning o‘zlari tanlagan bitta pensiya tayinlanadi.
Payariq tumani adliya bo‘limi yuridik xizmat ko‘rsatish markazi bosh yuristkonsulti J.Turayev.

05/12/2024

Менга нима бўлди, кулиб юрибман
Дилимга санчилган тиканлар билан.
О, нечун бунчалар шакаргуфторман
Жонимга балони экканлар билан.

Нафратим ўлдими?
Сўндими ўчим?!
Тумандан қуёшни, муздан дарёни
Тортиб олган мен эмасмидим...
Савалаган ўша қора риёни.

Бугун мен шамоллар учирган хасман
Ва ёки шакарга ботирилган қайғу.
Боламдай эркалаб ўстирган ҳисни
Бугун соғинаман, қаерларда у?

Юрагим – зулматга қувилган соя,
Барбодим суратин чизади кимдир.
Бошимга, елкамга қўнган хазонлар
Гўёки ҳолимдан олар хавотир.

Ҳаёт ғажиб ташлар туйғуларимни
Ва яна кўз тикар тинмай кўнглима.
Кузак ҳайқиради, йиғлайди ёмғир,
Сени ёмон кўриб қолдим, Ҳалима...
Ҳалима АҲМЕДОВА.

05/12/2024

Ҳ А Р К У Н - Б У Я Н Г И И М К О Н И Я Т
Роббимнинг бизга бераётган ҳар куни, синовли ҳаётимизни мазмунли ӯтказишга, унинг кӯрсатган йӯлларида тӯғри юришимизга берилган буюк имкониятдир. Буюк рус ёзувчиси Николай Островский айтганидек “Ҳаётда шундай яшаш керакки, охирида орқага қараб, ӯтган умр учун ҳеч ҳам афсусланмаслик керак”. Ҳар кунимизда рӯй берадиган воқеалар, биздан куч-қувват, ақл-идрок, сабр-қаноат, илм-тафаккур талаб этади, бунинг ҳаммаси бизга берилган имкониятда мавжуд, масала фақат буларни қӯллай олишимиздадир...
Қуйида билдирилаётган донолар фикри, ҳаётимиз имкониятларига бир оз далда бӯлса не ажаб:
Аччиқ хатолармизни тан олсаккина, улар ҳақиқий дарс бӯла олади. Джон Локк.
Ким ёшликда ақлини таниган бӯлса, кейин кӯплаб янги хатоларни четлаб ӯтади. Теренций.
Ҳар кун - бу янги имконият, ниманидир, кечагидан яхшироқ қилишга. Николас Спаркс.
Муваффақиятингиздан бошқа, ҳамма нарсани одамлар кечиришади. Боб Дилан.
Бахтлилигимизнинг ӯндан- тӯққизи - соғлиғимизга боғлиқ. Артур Шопенгауер.
Бахтни ӯғирлайдиган уч қопқон: ӯтмиш афсуси, келажак таҳликаси ва бугунимизга ношукурлик. О ш о .
Яхшиси, камроқ дӯст, камроқ китоб, лекин энг саралари бӯлса бас. Гийом Мюссо.
Хафа бӯласизми ёки йӯқ - бу сизнинг ӯз сайловингиз. Хафа қилаётгани - ҳали хафа бӯлганингиз эмас - бу иккови бошқа- бошқа тушунча. Стивон Кови.
Бахт - бу сизнинг кимлигингиз, нимани назарда тутишингизда эмас, бахт - бу фақат сизнинг тушунчангиздадир. Дейл Карнеги.
Ҳақиқий севгингиз - ҳеч қачон Сизни тарк этмайди. Габриель Гарсие Маркес.
Ақлли бӯлишга хоҳишинг бӯлмаса, ҳаёт сени ӯқитмайди. Бернард Шоу.
Ӯртоғининг кулфатига ҳамма шерик, аммо муваффақиятига ҳамма ҳам хурсанд бӯлмайди. Оскар Уайлд.
Сизни ҳеч ким ёқтирмаса, ишонинг бунга ӯзингиз айбдор. Номаълум муаллиф.
Минг афсуским “Уни учратгунимча” Уни” учратиб қӯйганим учун. Габриель Маркес.
Бировлар яшашин билмай туриб, ҳаётдан нолима. Оноре де Бальзак.
Атиргул тиконидан арз қилма, тиконнинг атиргули борлигидан хурсанд бӯл. Альфонс Карр.
Қӯрқувдан хавфсираб енгаолмайсиз, уни юзма - юз учратиб, мағлуб қиласиз. Эрнест Хеменгуей.
Сиз ишламасангиз, орзулар ишламайди. Стивен Кови.
Гоҳида сукунат, қичқириқдан кучли, фақат уни одамлар эшита олишса бас. Тим Фарго.
Бугунги сахийлигинг, ӯзингга қайтади. Оскар Уайльд.
Биз нима берсак шуни оламиз, у эзгуликми ёки ёвузлик. Уинстон Черчель.
Ҳеч қачон, ҳеч нарса исботламанг...Бу сизнинг шахсий ҳаётингиз, геометриядаги теорема эмас. Номалум муаллиф.
Мен фақат ойнадаги одамга ишонаман, мени кулфатимга у ҳеч қачон кулмайди. Номалум муллиф.
Ҳурмат йӯқ жойда, севги ҳам йӯқ. Эмиль Золя.
Демак имкониятимиз, ҳаётимиз мазмунининг энг муҳим пойдевори... Хулосани эса, вақтини аямай ӯқиган аҳли донишлар ҳукмига ҳавола қиламиз.
Публицист Аброр ХАЛИЛОВ таржимаси.

05/12/2024

Қўй деса, баттарини қиламиз. Нега?
2010 йил 22 сентябрдаги Қонун билан мамлакатимизда пиротехника воситаларини ноқонуний ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, ишлатиш, шунингдек ноқонуний олиб кириш, экспорт қилиш ёки сотиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик жорий этилган.
Шу ўринда бир мулоҳаза юритайлик. Пиротехника воситаларини четдан олиб келиш таъқиқланса-да, сохта тадбиркорлар нега қонундан чўчишмаяпти? Уларнинг сони нега ортиб бораяпти? Маҳалла, мактаб, ота-оналар нега жим? Наҳотки ёшларимиз оғир аҳволга олиб келувчи бу матоҳни ишлатишдан завқланса?
Очиғи, бу йил янги йилнинг пақ-пухи эрта бошлангандай. Истироҳат боғида, кўчаларда, қишлоқларда бундай овозлар қулоқни қоматга келтираяпти. Бу ҳолатни вақтида олди олинмаса, янада газак олиши мумкин.
Ҳусниддин ХОЛДОРОВ.

30/11/2024

ЮЗ ЙИЛДАН КЕЙИН БИЗ ҲАҚИМИЗДА...

Авлодларимиз яна юз йилдан кейин бизни эслашса, биз қандай одам бўлганимиз, нима билан шуғулланганимиз ҳақда ўйлашса, улар доим қўлларида телефон ушлаган ва унга қараб нима биландир фикр қилар эдилар. Телеграм ва бошқа интернет иловаларисиз яшай олмас эдилар, телефоннинг таъсирида эдилар, деса ажаб эмас.
Шунда эса тарихчилар буни фактлар билан исботлар, уларга бизнинг ҳозирда ижтимоий тармоқларда ё телеграмда қолиб кетаётган шу даврдаги сурат, видеолар, телефонлардаги статистик кўрсаткичларни тақдим этган, изоҳлар (комментария), лайклар, стикерларни далил сифатида кўрсатган бўларди.

Азамат Тавбоев.

Yoshlarni turli xil illatlardan asrab-avaylaylikPayariq tuman 2-son Sport maktabi xodimlari hamda 13-17-umumta’lim makta...
21/11/2024

Yoshlarni turli xil illatlardan asrab-avaylaylik
Payariq tuman 2-son Sport maktabi xodimlari hamda 13-17-umumta’lim maktablarining o‘quvchilari ishtirokida “Jaholatga qarshi ma’rifat” mavzusida targ‘ibot tadbirlari tashkil etildi.
Bu kabi targ‘ibot tadbirlarini o‘tkazishdan asosiy maqsad, hammamizga ma’lumki har qanday kasallikning oldini olish uchun avvalo kishi organizmida unga qarshi kurashuvchi immunitet hosil qilinadi. Shunday ekan biz yoshlar ongida ham ona Vatanimizga bo‘lgan muhabbatimiz, qadimiy boy tariximizga, ota-bobolarimiz kabi o‘z dinimizga sadoqat tuyg‘ularini yanada shakillantirishimiz, kelajak avlodlarga yetkazib, kerak bo‘lsa ularning ongida va qalbida mafkuraviy, ma’naviy immunitetni kuchaytirishdan iborat.

19/11/2024

Ҳоким ёрдамчиларидан кўнгил тўлади…ми?

Биринчи сектор ҳудудидаги маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган ҳоким ёрдамчилари билан бўлган учрашувда туман ҳокими И. Жабборов мазкур саволни ўртага ташлади.

— Тўғри, фаолиятга назар соладиган бўлсак, бир мунча ижобий ишлар амалга оширилган, — деди туман ҳокими И. Жабборов. — Лекин бу хотиржамликка асос бўлолмайди. Аччиқ бўлса ҳам тан олиш керак, ҳоким ёрдамчилари ҳудудидаги аҳолини бандлигини таъминлаш, тадбиркорларга муқим иш шароит яратиб бериш борасида ҳали ташаббусни тўлиқ қўлга олишгани йўқ. Очиғи, кўпчилик ҳоким ёрдамчилари ўз вазифасини давлат бераётган маблағларни кам таъминланган оилаларга тарқатишдан иборат деб чекланишмоқда. Ваҳоланки, бу вазифанинг кўлами, масъулияти жуда катта. Олайлик, ҳар бир маҳаллада бўш бинолар савлат тўкиб турибди. Бино нега турибди, ундан қандай мақсадларда фойдаланиш мумкин, қандай қилсак, аҳолига енгиллик, қулайлик туғдиради деган саволни биринчи ўринда ҳоким ёрдамчиси бериши керак эмасми? Айтинглар, нима кераги бор бўш бинонинг? Уни ишлатиш, аҳоли бандлигини таъминлаш учун янгилик киритиш зарур. Шунда одамлар ишонади, эргашади. Битта маҳаллада саккизта кўча бор дейлик. Ҳар бир кўчада ҳоким ёрдамчисининг ҳарорати сезилиши лозим. Бирида иссиқхона, бирида хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш шунга ўхшаш жиҳатларни таклиф қилинг, жон-жон деб ишлайдиганлар бор.
Биламиз, ҳоким ёрдамчисининг юки оғир. Аммо у шунинг учун ҳоким ёрдамчиси-да. Бу лавозимда дуч келган киши ишлайвермайди. Давлат, одамлар унга ишонишади ва кўп нарса талаб қилишади. Маҳаллада у ҳал қилиши лозим бўлган ижтимоий, иқтисодий муаммолар қалашиб ётибди. Уларнинг кўп қисми маълум вақт, катта маблағ ва бошқа ресурслар талаб қилади. Бу тушунарли. Аммо ҳоким ёрдамчисининг ташкилотчилик, тадбиркорлик, ташаббус билан аҳолини оёққа турғазиб, кўп муаммоларни ҳал этиш имконияти ҳам катта-да. Бунинг учун эса у халқ орасига кириб бориш, лавозими даражасида тегишли ташкилотлардан шуни талаб қилиши лозим бўлади.
Кўраяпмиз, ошкоралик, очиқлик одамлар билан жойларда юзма юз мулоқотлар йўлга қўйилмоқда. Соҳаси, лавозими катта кичиклигидан қатъий назар, раҳбарнинг халқ олдида ҳисоб бериши талаб қилинмоқда. Хўш, ҳоким ёрдамчиси нега маҳаллада ҳисоб бермайди? Оғайнилар, шу ойда ёки чоракда маҳаллада мана бундай ишларни амалга оширмоқчимиз деб айтса олам гулистон-ку. Худди ишни биров бузиб қўядигандек. Аҳоли олдидаги ҳисоботда янги-янги ғоялар ҳам пайдо бўлиши мумкин-ку ахир.
Умуман олганда, ҳоким ёрдамчиси эл назаридаги инсон. Шундай экан бу лавозимдагилар ишчан, ҳалол, маҳалланинг ободлиги, аҳолининг фаровон турмушини таъминлайдиган, одамларнинг муаммоларини ҳал қиладиган даражада ҳаракатчан бўлиши лозим. Энг муҳими, шу улар маҳаллаларда яхши ва қулай ишбилармонлик, тадбиркорлик муҳити, яратувчанлик, ҳар бир масалага ижодий ёндошиш малакаси, дунёқараши шаклланишига масъул ҳам ҳисобланади.

Ҳусниддин ХОЛДОРОВ.

19/11/2024

***
Телефон... Бир лаҳза етмайди ҳаво,
“Севаман” сўзини эшитдим симдан.
Телефон! Бугундан ўлгунимча то —
Майлими, абадий Сенга суянсам?

Деразам ёпилган — қўриқлар парда,
Ҳаяжон, бунча кўп ичасан қасам.
Телефон, ҳеч кимим йўғ-у шаҳарда —
Телефон, майлими сенга суянсам?

Чақириб-чақириб чарчади эшик,
Ҳавога учади хавотирлар ҳам.
Телефон, қарагин бошларим эгик,
Телефон, майлими, Сенга суянсам?

Қара, севаяпман кўча — борлиқни,
Қара, одамлардек яшаяпман ман.
Телефон чинакам бахтиёрликни
Биласан... Биласан...
Сенга суянсам...

Хосият РУСТАМОВА.

19/11/2024

🇺🇿 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун

Байроқ қадим-қадимдан ҳар бир халқда мустақиллик, озодлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган.

🇺🇿 Байроғимиздаги ҳар бир ранг, ҳар бир белги ўзига хос маънога эга:

⏺️ Мовий ранг – куч-қудратни, тинчлик ва барқарорликни ўзида акс эттиради;

◽️Оқ ранг – поклик, беғуборликни ифодалаб келган;

⏺️ Яшил ранг – яшариш ва янгиланиш рамзи, шунинг баробарида она табиатимиз, асрий қадриятларимиз, иймон-эътиқодимиз тимсоли ҳисобланади.

⏺️Қизил чизиқлар томиримиздаги аждодлар қони – мангулик нишонасидир.

🌜 Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни пайтда у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи ҳам.

✨ Давлат байроғимиздаги 12 юлдуз тасвирини ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши рамзи сифатида тушуниш лозим.

Address

Payariq Shahar, "Payariq 50 Yilligi" Ko`chasi
Payariq

Alerts

Be the first to know and let us send you an email when Payariq Hayoti posts news and promotions. Your email address will not be used for any other purpose, and you can unsubscribe at any time.

Contact The Business

Send a message to Payariq Hayoti:

Share

Category