07/07/2023
Яна: «Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин», дейилади мусулмончиликда. Бундай қаттиқ огоҳлантиришлар нечун? Кўз-кўз этилган ёки миннат қилинган эҳсон эгасининг у дунёсини қаро қилиши аниқ! Аммо бу дунё учун эса зиёни ундан-да кўпроқдир! Сизу мен одамларни яхши-ёмон, ёқимли-ёқимсизга ажратамиз, аммо Аллоҳ учун жами инсон бирдай азиз ва мукаррамдир. Энди, Худонинг
ўзи эъзозлаб турган бандасини бошқа бир бандаси синдириб қўйса-чи?!...
Келинг, мисолларга ўтайлик: миллий қадриятларга суянайлик деган яхши гап ўртага ташланди. Ҳокимиятлар, ташкилотларда эҳсон, хайрия ишлари бошланиб кетди.
Бамисоли улоқ дейсиз! Гўё чангаллаб олган мақсади - ўлик улоқ тупроққа беланяптими, оёғи синдими, кўзи ўйилдими - унга қаралмайди, шу ола-тасир ичида от суриш шарт! Яна
бу чавандозлар жўн оломон эмас, катта-кичик жамоа сардорлари, маслаҳатгўй, етакчи инсонлар! Мен бу ерда сиз уюштираётган эҳсон тўйларини назарда тутяпман, ҳурматли
раҳбарлар!
Савоб деб қилаётганингиз савоб эмас, фақат миннат ва азиз инсонларни сазойи қилишдир!
Сиз айюҳаннос солиб тўй қилиб бермасангиз ҳам, бу йигитлар жуфтсиз қолмас эди. Суннат тўйларига аралашмасангиз ҳам, энг камбағал оила бўлса-да, ўғлининг қўлини албатта
ҳалоллаб оларди. Саксон саккизта мухбир чақириб, телевизорга ёйиб, ўнта мажлисда оғиз кўпиртириб ҳисобот бериб нимага эришдингиз?
Сизга қолгани гуноҳ, етказганингиз фақат озор бўлди.
Бир эсланг, телекамеранинг рўпарасида турган куёвларнинг бирортасини кишиларга тик қараганини ёки табассум билан турганини кўрганмисиз?
Ҳаммамиз учун тўйимиз бўлган
кун хотирамизнинг энг порлоқ нуқтасидир, аммо сиз сазойи қилаётган йигитлар учун бу кун энг забун кундир!
Сиз уни суратга оляпсиз, унинг эса юраги йиглайди: «Эй, Аллоҳ, нега қўлимни калта қилдинг-дейди у, - ўз жуфти ҳалолимни
бировларнинг миннатли пулига оляпманми?
Нега мени ўртага солдинг, йигит деган номим қайда қолди?» дея бўзлайди унинг орияти! Кейинчалик ҳам жуфтидан кўнгли
кўтарилган пайтлар яна юрагини армон титади: «Шундай бебаҳо экансан, ўзим пул топиб тўй қилсам бўлмасмиди?!» дея зимдан нурайди.
Мана сиздан қолган доғ!...
Сиз томошабинларга кино қилиб кўрсатган «тўй
болалар» эртага бир думаласа, ўн беш - ўн олтига киради.
Бола бола-да! Гурунглашиб ўтириб «ошна, ота-онангнинг кучи етмагани учун суннат тўйингни пул тўплаб қилишган экан-а», деса, миллатнинг бир норғул боласи ҳаётга синиб
кириб келади. Бу ҳам сиз берган зиён!
Фарзанд кўрганки кишининг ичида офтоб чарақлайди.
Аммо ҳалиги «тўй бола» улғайиб ўғил кўрса, боласининг юзига юзини босиб йиғлаб шивирлайди: «Сени ҳеч қачон ўзимга ўхшатмайман», дейди у. «Сени ҳеч кимга муҳтож
қилмайман», дея юрагини оғритади.
Мана сизнинг узоққа борадиган «шарофатингиз».
Биродар, сизни яратган миллатингизнинг феълини билмайсиз-у, унинг қадриятларини «тикламоқчи» бўласиз!
Маълумки, бизнинг халқ ўғил кўрди - гувала қуяди, мана бу ерга чиройли уйлар соламан, тўйлар қиламан деб ният қилади. Бир-бирига ҳам уйингизда қўша-қўша тўйлар
бўлсин деб дуо беради. Сиз тўй қилиб бераётган куёвлару тўй болаларнинг барчасини уйи-жойи бор-ку! Нега уларнинг муборак никоҳларини кўчада ўқиттириб, меҳмонларига кўчада ош едирасиз? Нега тўйлар тилаб ётган
остоналарини йиғлатасиз?
Асли ниятингиз эҳсон эди, илинганингизни бир вакил билан кириб, «тўёна» дея кўрпачасининг тагига аста қўйиб чиқсангиз бўлмасмиди? Ўз номидан ош бериб, ўз номидан
меҳмон кутса, унга кўпроқ татимасмиди?
Эҳсон агар миннатга, писандага айланар экан, давоми кулфатдир. Қиёматдаги сазойи бўлишингизни қўя турайлик, бу дунёдаги яна бир зиёнингиздан куйиб турибмиз. Сизнинг
дастингиздан миллий ориятга путур етмоқда, баъзи жойларда ўзи соғ туриб, эри тирик туриб, қўл-оёғи, ақли бутун туриб «фалончидан мен камбағалроқман, нима учун унинг
боласига тўй қилиб берасан-у менга йўқ», дейдиганлар пайдо бўла бошлади.
Ҳамма нарса ниятга боғлиқдир. Сизнинг ниятингиз ёмон эди, шуҳрат орттирмоқчи эдингиз. Шунинг учун Аллоҳ шунча югуриб-елишингизни бекор қилди, шуҳрат ҳам
орттирмадингиз, дилларни ҳам вайрон қилдингиз...
***
Турсуной Содиқованинг "Ризолик излаб" китобидан