12/04/2025
Фарғонадан Ланьчжоугача: янги имкониятлар эшиги очилди
Замонавий дунёда минтақалар ўртасидаги ҳамкорлик нафақат иқтисодий, балки маданий, технологик ва стратегик манфаатлар нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугун ана шундай муҳим қадамлардан бири Хитойнинг Гансу провинциясида ташаббусли ва келажакни кўзловчи учрашув шаклида намоён бўлди.
Фарғона шаҳар делегацияси Хитойнинг йирик қурилиш компанияларидан бири — Gan Su YiAn Construction Technology Group Co. Ltd да бўлиб, Гансудаги қурилиш соҳасида фаолият юритаётган компания раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Бу учрашув, авваламбор, икки томонлама манфаатли алоқаларни ривожлантириш, Фарғона вилоятидаги катта салоҳиятга эга лойиҳалар билан таништириш, ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш учун ажойиб майдон вазифасини ўтади.
Учрашув давомида меҳмонларга “Янги Ўзбекистон” массиви, унинг қурилиш жараёнлари, инвестициявий муҳити ҳамда Фарғона вилоятидаги умумий иқтисодий ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди. Янги массив нафақат ҳудудий ривожланиш рамзи, балки мамлакатдаги инсон капиталига қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунаси сифатида намоён бўлмоқда.
Бу каби ташрифлар ва учрашувлар орқали Фарғона нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро майдонда ҳам ўзининг салоҳиятини кўрсата оладиган, инвестиция учун жозибали ҳудуд сифатида тан олинаётганини кўрсатади. Ташриф, айни пайтда, дўстона муносабатлар ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашда ҳам муҳим қадам бўлди.
Албатта, бундай саъй-ҳаракатлар ортида бир мақсад – юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, янги иш ўринлари яратиш, замонавий инфратузилмани шакллантириш каби олижаноб интилишлар мужассам.
Шунинг учун ҳам Ланьчжоудаги бу учрашувни тасодифий эмас, балки стратегик аҳамиятга эга воқеа сифатида баҳолаш мумкин.