01/07/2023
Ассалому алайкум, ходимга 24 календар кун хисобидан таътил беряпман, таътил пули тўлашни хам 24 календар куни учун бераманми ёки 21 кунгами, якшанбларни чикарган холда ҳисоблайманми?
‼️Мана шу каби саволлар тинимсиз келмоқда. Назаримда буни сўраш ҳам, тегишли давлат органидан бу масалада тушунтириш талаб қилиш ҳам ўринсиз.‼️
👆Биринчидан, 1995 йилда қабул қилинган ва ҳозирда ўз кучини йўқотган Меҳнат кодексининг 148-моддасида йиллик таътиллар даври учун ходимга ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўлаш кафолатланиши белгиланган эди.
👆Иккинчидан, эски Меҳнат кодексининг 139-моддасида эса, таътилларнинг муддати олти кунлик иш ҳафтаси юзасидан календарь бўйича иш кунлари билан ҳисоблаб чиқарилиши ҳамда таътил даврига тўғри келиб қолган ишланмайдиган кунлар деб ҳисобланадиган байрам кунлари таътил муддатини белгилашда ҳисобга олинмаслиги аниқ белгиланган эди.
✅ Таъкидлаш керак, ушбу нормаларни қўллашда ҳеч қандай муаммо бўлмаган. Таътил иш кунларида берилгани, олти кунлик иш куни учун унга ҳақ тўлангани ҳеч кимга сир эмас. Бундан ташқари, таътиллар олти кунлик иш кунида ҳисоблангани учун якшанба куни ҳамда ишланмайдиган байрам кунлари таътил даврига киритилмаган. Ҳатто беш кунлик иш вақти режимида ишлайдиганлар учун ҳам таътил даврида шанба кунига ҳам ҳақ тўланган.
📌 УНУТМАНГ!!! Эски кодексда бошқа ҳеч қандай ойдинлик киритувчи ёки аниқлаштирувчи норма бўлмаган.
‼️Энди Янги Меҳнат кодекси қоидаларига назар ташласак:
👆233-моддада ҳар йилги меҳнат таътилида бўлган вақти учун ходимга ушбу Кодекснинг 257-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқариладиган ўртача иш ҳақининг сақланиши кафолатланиши кўрсатилган. Ушбу норма эски МК 139-моддаси билан деярли бир хил. Лекин янги Кодекс бўйича ходимнинг ҳар йилги меҳнат таътилида бўлиш даври календарь кунлар билан ҳисобланган даврни назарда тутади.
👆221-моддада ходимларнинг ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътилларининг давомийлиги календарь кунларда ҳисоблаб чиқарилиши назарда тутилган. Бундан ташқари, ушбу модданинг иккинчи қисмида ҳар йилги меҳнат таътили даврига тўғри келадиган ишланмайдиган байрам кунлари меҳнат таътилларининг давомийлигини белгилашда ҳисобга олинмаслиги айтилмоқда.
⚠️ Демак, қоида тариқасида, нормада таътил даврига якшанба куни ҳам қўшилиши айтилмоқда. Шундай экан, ❗️таътил даврига тўғри келаётган якшанба учун ҳам ҳақ тўлаш керак.❗️ Ушбу нормаларни бошқача талқин қилиш мумкин эмас.
✔️ Бундан ташқари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан ҳам расмий хат билан тегишли ташкилотларга берилган тавсияларда Меҳнат кодексида меҳнат таътили вақти учун ҳақ тўлашда якшанба кунини чегириб ташлаш назарда тутилмаганлиги сабабли календарь кунлар бўйича ўртача иш ҳақини ҳисоблаш кераклиги айтиб ўтилган.
✅ Шундай экан, 24 календарь кун таътил беряпсизми, ушбу кунларнинг ҳаммаси учун ҳақ тўланг.
👆Юқоридаги мавзунинг давоми сифатида ...
✅ Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 26 июндаги 263-сонли қарори билан Педагог ходимлар учун йиллик узайтирилган меҳнат таътили давомийлиги меъёрлари тасдиқланди. Унда ўқитувчиларга 56 календарь кун таътил берилиши белгиланган. Бундан ташқари, ушбу қарор иловасининг Изоҳ қисмида “Ушбу меъёрларда келтирилган ходимларга йиллик узайтирилган меҳнат таътили учун хақ тўлашда якшанба ва байрам кунлари инобатга олинмайди” деган қоидага кўзимиз тушади. Бундан келиб чиқадики, ВМ 263-сон қарорининг изоҳ қисми МКнинг 221 ва 233-моддасига мос эмас.
‼️Буни қуйидагича асослайман:
☑️ МКнинг 501-моддасига кўра, педагог ходимлар иш вақтининг аниқ давомийлиги ва йиллик узайтирилган меҳнат таътилининг давомийлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда белгиланади. Фикримча, Кодекс ушбу тоифа ходимларга таътил учун ҳақ тўлаш тартибини эмас, балки таътил давомийлигини қонуности ҳужжатида белгилашни назарда тутмоқда.
☑️ Бундан ташқари, 20.04.2021 йилдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасида қонуности ҳужжатларида қонун ҳужжатлари даражасида тартибга солиниши лозим бўлган масалалар бўйича нормалар белгиланишига йўл қўйилмаслиги, 18-моддасида эса, норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзига нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши кераклиги белгиланган.
☑️ Шунингдек, ВМ 263-сон қарори иловасининг Изоҳ қисмида назарда тутилган қоида МКнинг асосий принципи - ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслиги принципига ҳам зид бўлиб қолган. Хусусан, ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжат ходимнинг ҳуқуқий ҳолатини юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатга нисбатан ёмонлаштирмаслиги керак.
⚠️ Бундан келиб чиқадики, Кодекснинг 233-моддаси мазмунидан якшанба учун ҳам ҳақ тўланиши англашилса, ВМ 263-сон қароридан эса тўланмаслиги кераклиги тушунилмоқда. МКнинг юқори кучга эга эканлигини инобатга олиб, ВМ қарорини Кодексга мослаштириш керак деб ҳисоблайман.