09/08/2023
ҚАРҒАЛАР ҚАЙДАЮ ҲАНДАЛАК ҚАЙДА?
Ёхуд бир қўшиқнинг икки талқини
Ҳойнаҳой, сарлавҳадан англагандирсиз: халқимиз орасида машҳур бўлган, одамларнинг тўй-томошаларида, базм ва байрамларда кўп айтиладиган шўхгина, ўйноқи бир қўшиқ бор. “Қарғалар учса қарайлик, Марғилоннинг йўлига”, деб бошланади. Илк бор 1970 йилда “Ялла” гуруҳи омонидан тасмага ёзилган, кейинчалик фавқулодда хит таронага айланган ашуланинг оҳангини эшитган киши борки, енгини шимариб, рақс даврасини ҳеч кимга бермаcди. Бироқ, негадир 40 йилдан ортиқроқ вақт мобайнида “тренд”дан тушмаган бу қўшиқ сўнгги вақтларда жаранг сочмай қўйгандек. Бу қўшиқнинг умри поёнига етганиданми, ёки...
Бизнингча, ўша “ёки”сидан кўра, кейинги фаразлар тўғрироқ. Яъни, кўпчиликнинг хабари бўлса керак, мазкур ижод намунасининг матни, унинг яратилиш тарихи ва маъно-мазмуни бўйича ижтимоий тармоқлар орқали турли қарашлар пайдо бўлди. Кимдир бу ашуланинг тарихини ҳув ўша XIX аср охири XX аср бошлари, яъни “оқпошшо” замони, золим империянинг Ўрта Осиёни босиб олганию, миллатимизнинг қонли, аянчли даврларига тақайди. “Бу қўшиқни ўйнаб эмас, йиғлаб тинглаш керак”, деган тушунча ёйилди. Яна бошқалар бу шунчаки, олисларга қувғин қилинган мардикор ўзбекнинг Ватан соғинчи ҳақидаги хиргойиси, холос демоқда. Биз хулосани ўқувчининг ўзига қолдирган ҳолда, иккала талқиннинг мазмун-моҳиятини келтирмоқчимиз.
БИРИНЧИ ТАЛҚИН
1875 йил. Қўқонни қўлга олган Кауфман бошлиқ рус аскарлари Марғилонга юриш қилади. Кутилмаганда марғилонликларнинг жиддий қаршилигига дуч келган император қўшини жуда катта талафот кўриб, кўплаб йўқотишларга учрайди. Бундан ғазабланган Кауфман шаҳарни босиб олгач, аёвсиз қирғинларни бошлаб юборади. Ўшанда Чор Россияси қўшинига қаршилик кўрсатган, Ватанини душмандан ҳимоя қилган аҳоли ичидан фақат ёш, ғайратли, кучга тўлган норғул йигитларни саралаб олиб, Марғилон йўлидаги симёғочларга бирма-бир осишади. Бундан асосий мақсад – яна исён қилмоқчи бўлганларни қўрқитиб қўйиш, уларни руҳан синдириш эди. Қатл амалга оширилгач, дорга осилганларнинг жасадига тегишга, уларни тупроққа қўйишга рухсат берилмайди. Вақт ўта бошлагач, қарғалар жасадларни чўқиб ейиш учун Марғилон томон ёпирилишади. Марҳумларнинг яқинлари эса, табиийки, жасадлар таҳқир этилмаслиги учун қушларни қувишга ҳаракат қилишади. Қарғалар кўриниши билан уларни ҳайдаш учун марғилонликлар уйларидан югуриб йўлга чиқишади. Бу ҳол ашуланинг биринчи байтида ўз аксини топган, дейишади:
Қарғалар учса қарайлик,
Марғилоннинг йўлига...
Аммо ўликларни қушлардан қўриганмазлум халқ уни вақтдан ҳимоя қила олмасди. Кунлар ўтиши билан жасадлар ўзидан бадбўй ҳид чиқарар, унга ҳатто яқинлашишнинг ҳам иложи бўлмай қолади. Қатл этилганлар кўплиги боис ёқимсиз ҳид бутун шаҳар ва қишлоқларга ҳам тарқалиб кетган эди. Бироқ ҳид қанчалар ёқимсиз бўлмасин, инсон зоти ўз иниси, жигаргўшасини ташлаб қўярмиди?! Шунинг учун мазлум аҳоли таралган бадбўй ҳидни ёқимли ифорга, аниқроғи ҳандалак ҳидига қиёслаб, марҳумларнинг яқинлари жасадларни ҳандалак бўйликкинам, деб аташган эмиш...
Ҳиди келса маст бўлайлик,
Ҳандалакнинг бўйига.
Ҳандалак бўйликкинам,
Сен унда зор, мен бунда зор.
Тўти қушнинг боласидек,
Иккаламиз интизор.
Яъни, шеърда “бу золимлар бизнинг осуда ҳаётимизни бузишди, унга рахна солишди, бир-биримиздан ажратишди”, дейилмоқчи гўё.
ИККИНЧИ ТАЛҚИН
1914 йил. Биринчи жаҳон уруши бошланган кезлар. Мазкур урушда минглаб ўзбеклар фронторти ишларига жалб қилин ган. Ўша пайтда Николай подшонинг йигитларни мардикорликка олиш тўғрисидаги фармони эълон қилинади. Шу сабабли биkагида кучи, белида қуввати бор ўзбеклар нинг аксарияти қаҳратон Сибирь ўрмонларига мардикорчиликка юборилади. Биласиз, ёз ойларида ҳам у томонлар изғиринли совуқ бўлади. Ана шундай машаққатли кунларда меҳнат қилган, очнаҳор, хору зорликни бошидан ўтказган ўpбек ўғлонлари орасида марғилонлик Худойберди қори деган шоиртабиат киши бўлади. У кунларнинг бирида хаёлан осмонга, ўрмондаги дарахт узра учаётган қарғаларга қараб, Ватан соғинчи ила юқоридаги сатрларни битади. “Нега энди қарға, мусича ё кабутар эмас”, деган саволга қуйидагича жавоб бериш мумкин. Маълумки, қарға совуқтабиат жонивор. Ёз пайти иссиқ ўлкаларни тарк этиб, салқин, совуқ жойларга бориб қўним топади. Шоир эса, “Юртимизда ёзда бу қарғалар қаерга йўқолиб қолади десам, бу ерларга келар экан-да. Демак, бу қушлар менинг Ватанимдан, Марғилонимдан учиб келган, улар да юртимнинг тафти бор, ифори бор”, дея соғинч билан тасаввур этади ва шеърнинг илк сатрларини хиргойи қила бошлайди: Қарғалар учса қарайлик, Марғилоннинг йўлига... Ўшанда тахминан июнь ойлари бўлса керак. Биласиз, бу вақтларда Ўзбекистонда айни пишиқчилик даври бошланган бўлади. Энг биринчилардан бўлиб ҳандалак пиша ди. Фавқулодда оригинал тазод! Қарға ва ҳандалак — бири қишнинг жонзоти, бири ёзнинг неъмати. Бу совуқ ўлкаларни қарға макон тутган дамда серқуёш Ватанда ҳандалак ғарқ пишган!
Афтидан, мана шу ҳиссиёт ва бадиий топилма Худойберди қорига завқ берган ва ёшлик пайтлари ва севган қизини эслаб, яна ширин ҳислар билан шеърни давом эттиради: Ҳиди келса маст бўлайлик, Ҳандалакнинг бўйига. андалак бўйликкинам, Сен унда зор, мен бунда зор. Тўти қушнинг боласидек, Иккаламиз интизор. “Эй, ҳандалак ифорли ёрим, бу не кўргуликки, мен бу ёқларда зору ночор юрибман, сен эса она юртда менга зор бўлиб, мунғайиб қолдинг-а...”
Мана шу воқеа бундай қўшиқ яралишига сабаб бўлгандир, деб аксар фольклоршунос олимлар хулоса қилишган. Санъатшуносларнинг айтишича, қўшиқ оҳанги бироз қувноқ бўлгани сабабли ҳамма ҳам ундаги маҳзунликни, соғинч ва айрилиқни бирданига англаб ололмайди. Бироқ шуни ҳам таъкидлаш керакки, шеър матнининг айрим жойларида мардикор деган сўзлар ишлатилгани, унинг сўнггида “Биз ғариб сургун чекиб, бармоғига нишлар келур”, деган битиклар чиндан ҳам совуқ ўлкаларга сургун қилинган мардикор томонидан ёзилганига далил бўла олади. Сиз қандай фикрдасиз?
Эрали НОРБЕКОВ тайёрлади "Тошкент ҳақиқати" газетаси